E-mail : jizzax@kasaba.uz (0372) 226-56-40
Нафақа пули ундириб берилди.
Ғаллаорол туманидаги саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ходими Пўлатова Нилуфар Жизззах вилоят касаба уюшма ташкилогтлари бирлашмаси Кенгашига ҳомиладорлик ва туғиш таътили бўйича нафақа ундиришда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаат ўрганиб чиқилганида иш берувчи ходимни ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаришга буйруқ чиқарган бўлсада, нафақа тўламаганлиги аниқланди. Иш берувчи нафақа тўламаслигига Жиззах вилоят молия бошқармаси мутахассисининг Н.Пўлатовага ортиқча иш ҳақи тўланганлиги ва ортиқча тўланган суммани қоплаш учун нафақа тўланмаслиги ҳақидаги маълумотномасини асос қилди. Касаба уюшмалари томонидан иш берувчига ҳаракати ғайриқонуний эканлиги, Мехнат Кодексининг 279-моддасига асосан иштиёрий равишда ва қонунни нотўғри қўллаш ҳақида ортиқча тўланган тўловлар ходимнинг иш ҳақидан ушланмаслиги ва нафақа ижтимоий суғурта маблағларидан тўланиши тушунтирилиб, нафақа тўлаш ҳақида тақдимнома киритилди. Иш берувчи тақдимномани юқоридаги асослар билан рад этгач, судга даъво ариза киритилди. Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2016 йил 12 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, касаба уюшмаларининг даъвоси қаноатлантирилиб, Н.Пўлатовага 4 млн. сўмдан зиёд суғурта нафақаси ундирилиб бериладиган бўлди. Иш берувчи Н.Пўлатовани бир йил давомида сарсон қилиб келган эди. Қонунбузарликка бархам берилиб, ходимнинг бузилган ҳуқуқи тўлиқ тикланди. Н.Пўлатованинг бузилган ҳуқуқининг тикланиши бюджет маблағларидан таъминланадиган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг молия органларининг асоссиз хулосаларига таянмай, ҳуқуқий саводларини оширишларига туртки бўлиши лозим.
Ходим ишга тикланди.
Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан фуқаро Босимова Ойбаҳорнинг ишга тикланишда ёрдам бериш ҳақидаги аризаси ўрганилганида Жиззах туманидаги 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори у билан мехнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига биноан бекор қилганлиги аниқланди. Мехнат шартномасига асос қилинган ҳужжатлар ўрганилганида иш берувчи штат қисқариши ҳақида ходимни МКнинг 102-моддасига асосан камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантирмаганлиги, МКнинг 101-моддасига асосан жамоа шартномасида белгиланган бўлсада, касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олмай мехнат шартномасини бекор қилганлиги аниқланди. Иш берувчига қонунбузарликни бартараф қилиб, ходимни ишга тиклаш ва унга мажбурий бекор юрган кунларига ҳақ тўлаш ҳақида тақдимнома киритилди. Иш берувчи молия бўлими иш ҳақи тўламаслигини сабаб қлиб, тақдимномани қаноатлантиришни рад қилди. Иш берувчининг ғайриқонуний ҳаракати туфайли ходим МКнинг 67-моддасида белгиланган кафолатлар билан таъминланмаган. Мехнат шартномаси бекор қилингач, унинг икки ойлик иш ҳақи сақланмаган, унга бир ойлик ўртача иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаган.Ғайриқонуний буйруқ чиқарилиши оқибатида ходим мажбурий бекор юрган. Касаба уюшмалари О.Босимованинг манфаатида судга даъво ариза киритди. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди 2016 йил 12 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвони қаноатлантирди. О.Босимова ўз ишига тикланиб, унга бир йиллик иш ҳақи миқдорида мажбурий пргул учун ҳақ ва маънавий зарар, давлатга белгиланган давлат божи ундирилди. Иш берувчинингг ғайриқонуний буйруғи бекор қилиниши оқибатида давлат муассасасига иш берувчи томонидан зарар етказилди ва у туман прокурорининг даъвосига асосан регресс тартибида ундириб олинади.
Қонунбузарлик ва масъулиятсизлик.
Жиззах шаҳридаги 32-сонли махсус мактаб-интернати ходимлари Р.Исонова, М.Оқилова ва бошқа яна ўн нафар ходим иш берувчи иш ҳақларини ноқонуний камайтирганлиги учун 2014 йилда Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига мурожаат қилишган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2014 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, касаба уюшмаларининг даъвоси қаноатлантирилиб, Р.Исонова ва бошқаларнинг иш ставкалари олдинги бир ставкага келтирилиб, мактаб-интернатдан уларга жами 9.255.960 сўм иш ҳақи ва 2.400.000 сўм маънавий зарар ундирилган. Бироқ, иш берувчи суд қарорининг М.Оқиловага тегишли қисмини 2015 йил 20 апрелда, Р.Исоновага тегишли қисмини 2015 йил 1 майда ижро қилган. Суд қарори вақтида ижро қилинмагач, ушбу ходимлар суд қарори чиққанидан ижро қилингунга қадар ҳам 0,5 ставка иш ҳақларини кам олиб, ўртадаги фарқ тўланмаган. Шунинг учун Р.Исонова ва М.Оқилова яна касаба уюшмаларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Иш яна судда кўрилди ва фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2015 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, касаба уюшмаларининг даъвоси қаноатлантирилди. Мактаб-интернатдан М.Оқиловага 2.066.891 сўм иш ҳақи ва 100.000 сўм маънавий зарар, Р.Исоновага 2.195.446 сўм иш ҳақи ва 100.000 сўм маънавий зарар ундирилди. Олдинги ва кейинги суд қарори бўйича мактаб-интернатдан давлатга жами 2.761.508 сўм давлат божи ундирилди.
Яъни, муассаса директори ўзининг қонунбузарлиги ва масъулиятсизлиги туфайли ходимларга ва давлатга шунча зарар етказди.
Учта ғайриқонуний буйруқ бекор қилинди
Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига Пахтакор туманидаги “Элита” шўъба корхонасининг ходимлари Сайидахмедов Шуҳрат, Бўронов Собир, Ўринов Шерзод ва Ўринов Бехзод ишга тикланишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг аризаси бирлашманинг юридик бўлими ходимлари томонидан ўрганилганида Ш.Сайидахмедов ва Б.Ўринов билан меҳнат шартномаси шўъба корхонаси директорининг 2015 йил 17 сентябрдаги 39-х сонли буйруғига кўра бекор қилинганлиги, буйруқда мехнат шартномасини МКнинг қайси моддаси(банди)га биноан бекор қилинганлиги кўрсатилмай, МКнинг 107-моддаси талаблари бузилганлиги, буйруққа асос қилинган “Жиззахпахтасаноат” ҲАБнинг 2015 йил 21 августдаги 02-971 сонли хатининг ушбу ходимларга алоқаси йўқлиги, корхонада ички меҳнат тартиби қооидалари ишлаб чиқилмаганлиги аниқланди. Корхона директорининг 2015 йил 6 июндаги 29-х сонли буйруғига кўра, С.Бўронов билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлиб, МКнинг моддаси(банди) асос қилинмаган. Буйруққа асос қилинган ходимнинг аризаси эса йўқлиги, яъни, С.Бўронов меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ёзмаганлиги аниқланди. Бу билан иш берувчи меҳнат қонунчилигини очиқ-ойдин бузган. Шунингдек, Ш.Ўринов билан мехнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2015 йил 17 сентябрдаги 40-х сонли буйруқ ҳам ғайриқонуний бўлиб чиқди. Буйруққа асос қилинган “Жиззахпахтасаноат” ҲАБнинг хатида жиноят содир этиб ишлаётган ва муайян лавозимда ишлаш ҳуқуқидан махрум қилинган шахсларни ишга олмаслик тўғрисида гап борган. Ш.Ўринов муқаддам судланган бўлсада, унинг судланганлиги ЖКнинг 77-моддасига асосан тугаб кетган. Ш.Ўриновни ишга қабул қилишда белгиланган қоидалар бузилмаган.
Шунга кўра, Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши “Элита” шўъба корхонаси директорига Ш.Сайидахмедов, Б.Ўринов, С.Бўронов ва Ш.Ўриновларга нисбатан чиқарилган буйруқларни бекор қилиб, уларни ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунларига ҳақ тўлаш ҳақида тақдимнома киритди. Шўъба корхонаси директори тақдимномани қаноатлантирди, учта ғайриқонуний буйруқларини бекор қилди ва тўрт нафар ходим ҳам ўз лавозимларига ишга тикланиб, бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
Қонунбузарлик бартараф қилинди.
Жиззах шаҳридаги 32-сонли махсус мактаб-интернатида тарбиячи бўлиб ишлаётган Соатова Замира, Ахмедова Дилфуза, Исонова Роҳатой, Охунова Лола, Равшанова Роҳатой, Ўринбоева Манзура, Мансурова Мазлума, Мўминова Хосият, Оқилова Махфуза, Хидирова Дилафруз, Эшмаматова Дилафруз ва Турдиева Барнолар 2014 йил сентябрь ойида Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига иш ставкалари ноқонуний камайтирилганлиги ҳақида ёзма мурожаат қилишган эди.
Бирлашманинг юридик бўлими мутахассислари аризани ўрганиб чиқиб, иш берувчи қонунбунбузарликка йўл қўйганлиги, ходимларнинг иш ҳақларини камайтиришда МКнинг 89-моддаси талабларига риоя қилмаганлигини аниқлади. Иш берувчи бирлашма Кенгашининг қонунбузарликни бартараф қилиш ҳақидаги тақдимномасини қаноатлантирмасдан қолдирди. Бирлашма Кенгашининг ходимлар манфаатида судга киритган даъво ариза фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2014 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан қаноатлантирилди.
Суд қарорига кўра, мактаб-интернат директорига Соатова Замира ва бошқа 11 нафар ходимнинг иш ставкаларини олдинги бир ставкага келтириш мажбурияти юкланди. Мактаб-интернатдан 12 нафар ходимга иш ставкаси камайтирилиши натижасида тўланмай қолган жами 9.255.960 сўм иш ҳақи, ҳар бир ходимга 200.000 сўмдан жами 2.400.000 сўм маънавий зарар, давлатга 2.499.192 сўм давлат божи ундириш белгиланди.Суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг ҳам иш берувчи суд қарори ижросини пайсалга солиб юрди ва бирлашма Кенгаши юридик бўлими ходимларининг саъй-ҳаракати билан 2015 йил 1 майга келиб, суд қарори тўлиқ ижро қилинди.
Яъни, 12 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқлари касаба уюшмасининг аралашуви билан тўлиқ тикланди. Ходимлар ўзларига келтирилган зарарни ундириб олишиб, тўлиқ иш ставкасида ишларини давом эттиришмоқда.
Бошқа доимий ишга ўтказишнинг асоссизлиги оқибати.
Шуҳрат Игамбердиев Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига 2015 йил март ойида мурожаат қилиб, аввалги ишига тикланишига ёрдам беришни сўраган эди. Ш.Игамбердиевнинг аризаси юридик бўлим мутахассислари томонидан ўрганилганида у 2011 йилдан Арнасой насос станциялари каскадини ишлатиш бошқармасида ишлаб чиқариш бўлими кадастр бўйича мутахассис лавозимида ишлаб келиб, бошқарма директорининг 2014 йил 9 декабрдаги 142-к сонли буйруғига асосан монтаж ва автоматизация бўйича 8 даражали бош мутахассис лавозимига ўтказилгапнлиги аниқланди. Иш берувчи Ш.Ибрагимовни бошқа ишга ўтказишга кадрлар бўйича инспекторининг билдиришномасини ва тафтиш бошқармасининг далолатномасини асос қилган. Бошқа ишга ўтказишда Ш.Ибрагимовнинг розилигини олмаган.
Ш.Ибрагимов ушбу буйруқдан норози бўлиб, буйруқда кўрсатилган бошқа ишда бир кун ҳам ишламаган. Иш берувчи эса уни меҳнат интизомини бузишда, узрсиз ишга чиқмасликда айблаб, 2015 йил 12 февралдаги 40-к сонли буйруғига кўра, Ш.Игамбердиев билан меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига биноан бекор қилган. Иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ҳақидаги тақдимномаси корхонанинг касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида Ш.Игамбердиевнинг иштирокисиз кўриб чиқилиб, Ш.Игамбердиевнинг ишга келмаслиги узрсиз деб ҳисобланиб, мехнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига биноан бекор қилишга розилик берган.
Иш берувчи Ш.Игамбердиевни бошқа ишга ўтказишда МКнинг 92-моддаси талабини бузиб, унинг розилигини олмаганлиги ва унинг кейинги берилган ишга чиқмаслиги узрли эканлиги учун корхона директорига қонунбузарликни бартараф қилиш бўйича Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши тақдимнома киритди. Корхона директори тақдимномага берган жавоб хатида касаба уюшмалари корхонага буйруқ беришга ҳаққи йўқлигини кўрсатиб, тақдимномани рад этди. Шундан сўнг, низо Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг даъво аризасига асосан судда кўриб чиқилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2015 йил 18 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, корхона директорининг Ш.Игамердиевни бошқа ишга ўтказиш ва у билан мехнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқлари ғайриқонуний деб топилиб бекор қилинди. Ш.Игамбердиев аввалги лавозимига ишга тикланди. Унга корхонадан мажбурий бекор юрган кунларига 2.796.586 сўм иш ҳақи ва 607.954 сўм маънавий зарар, давлатга 332.858 сўм давлат божи ундирилди. Яъни, Ш.Игамбердиевнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланиб, қонунбузарлик бартараф қилинди. Корхона директори ғайриқонуний ҳаракати билан корхонага жиддий зарар етказди.
Суткалик харажатлар ҳаммага тўланадими?
Жиззах вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернати ўқитувчилари М.Аллаёрова ва М.Файзиева 2014 йил январдан 26 январга қадар Тошкент шаҳридаги А.Авлоний номли ХТХКТМОМИга ўқишга юборилиб, малака ошириб қайтганликлари бўйича суткалик харажатларини ундиришда ёрдам сўрашган.
Жиззах видоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими мутахассислари томонидан ариза муаллифларининг мурожаати ўрганилганида уларнинг талаблари асосли эканлиги аниқланди. Иш берувчи ҳисобланган Жиззах вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернати директорига ходимлари малака оширишга бориб келганликлари учун суткалик харажатларни тўлаш ҳақида тақдимнома киритилганида суткалик харажатлар таълим ходимларига тўланмаслиги сабаби билан тақдимнома қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Шундан сўнг, бирлашма Кенгаши М.Аллаёрова ва М.Файзиеванинг манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди 2015 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, касаба уюшмаларининг даъвосини рад қилди. Касаба уюшмалари томонидан суд қарори устидан кассация шикояти келтирилди. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация инстнциясининг 2015 йил 13 октябрдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2015 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилинди ва иш бўйича янги ҳал қилув қарори чиқарилди.
Жиззах вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб-интернатидан М.Аллаёрова ва М.Файзиеванинг ҳар бирига 248.640 сўмдан суткалик харажатлар ва 100.000 сўмдан маънавий зарар ундириш белгиланди. Яъни, касаба уюшмаларининг даъвоси қаноатлантирилиб, адолат юзага чиқарилди. Шу жойда бир нарсага эътибор бериш лозимки, иш берувчи юқоридаги ходимларни ўз буйруғига асосан Тошкент шаҳрига ўқишга юбориб, МКнинг 70-моддаси, мактаб-интернатининг жамоа шартномасида ходимларнинг иш билан боғлиқ харажатларига компенсация тўлаш назарда тутилган бўлсада, суткалик харажатларни молия органи тўламаслиги исабаби билан рад қилган. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлигининг қўшма қарорлари билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқномада мазкур Йўриқнома мулк шаклидан қатьи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча ташкилотларга тааллуқли эканлиги кўрсатилган.
Яна шуниси таажжублики, судда жавобгар тарафдан муассасанинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, ҳуқуқшуноси, кадрлар бўйича мутахассиси, бош ҳисобчиси, касаба уюшмаси қўмитаси раиси иш берувчининг вакили сифатида иштирок этиб, суткалик харажатларни ундириш мумкин эмаслиги тўғрисида фикр бердилар.
Касаба уюшмалари эса суткалик харажатларни ундиришнинг қонунийлиги ҳақида талаб қўйишда фақат муассасанинг ходимлари М.Аллаёрова ва М.Файзиеванинг қонуний манфаатини ҳимоя қилишни эмас, балки муассасанинг барча ходимларининг келажакдаги хизмат сафари билан боғлиқ харажатлари тўланишини назарда тутган эди.
Нима бўлганда ҳам, Жиззах вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернатида масъул ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги яхши эмаслиги ташвишлидир.
Жамоа шартномасини сохталаштириш мумкинми?
“Жиззах вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ғазначиси С.Ғофуржонов билан тузилган мехнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига биноан штат қисқариши муносабати билан бекор қилинган. С.Ғофуржонов билан мехнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаган. Марказ директори бирлашма Кенгашининг ходимни ишга тиклаш ҳақидаги тақдимномасини жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олиниши назарда тутилмаган деб рад қилган. Шундан сўнг, Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кегнгаши С.Ғофуржоновнинг манфаатида судга даъво ариза киритди. Ҳолбуки. суд процессида иш берувчининг жамоа шартномасининг тегишли бандини сохталаштирганлиги аниқланиб, касаба уюшмаларининг С.Ғофурожоновни ишга тиклаш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2015 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилиб, С.Ғофуржонов ўз ишига тикланди. Унга марказдан 1.411.802 сўм иш ҳақи, давлатга 70.590 сўм давлат божи ундириладиган бўлди. Марказнинг бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси эса жамоа шартномасининг шартлари жиддий бузилишига, жамоа шартномасининг тегишли бандини ташкилот раҳбари сохталаштиришиб, ходимларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари бузишига бефарқ қараб турган.
Суд эса С.Ғофуржоновнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, адолатни қарор топтирди. Шу сабабли, иш берувчилар жамоа шартномасини сохталаштиришнинг ҳуқуқий оқибатларини тушуниб етишлари лозим.
Ишга қабул қилиш юзасидан қоида бузилган, лекин…
Зомин мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори Холида Мирзақулова билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 106-моддаси 4-бандига биноан ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоида бузилганлигини, номутахассис сифатида ишга қабул қилинганлигини сабаб қилиб, 2016 йил 16 мартда бекор қилган. Бирлашма Кенгаши юридик бўлими мутахасислари томонидан Х.Мирзақулованинг аризаси ўрганилганида меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинганлиги аниқланди.
Бирлашма Кенгаши томонидан иш берувчига берилган тақдимномада Х.Мирзақулованинг ишини давом эттиришга тўсқинлик йўқлиги, у иш берувчининг ўзи томонидан меҳнат вазифаларини бажариши юзасидан ижобий тавсифланганлиги, текширув маълумотномаларига кўра мехнат вазифаларини юқори даражада бажараётганлиги аниқланганлиги, уни қайта тайёрловга юбориш чоралари кўрилмаганлиги кўрсатилган эди. Бироқ, иш берувчи тақдимномани асоссиз равишда рад қилганлиги учун низо суд тартибида кўриб чиқилди. Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судининг 2016 йил 23 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, иш берувчининг ғайриқонуний буйруғи бекор қилиниб, Х.Мирзақулова ўз ишига тикланди. Унга иш берувчидан 2.501.719 сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи ва 600.000 сўм маънавий зарар, давлатга 190205 сўм давлат божи ундирилди. Яъни, Х.Мирзақулованинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
Х.Мирзақулованинг ишга тикланишига коллеж директорининг Х.Мирзақуловани ишга қабул қилишдаги қоидабузарликни бартараф қилиш имконияти бўла туриб уни бартараф қилиш чорасини кўрмаганлиги, хусусан ходимни қайта тайёрловга юбормаганлиги, шунингдек ходимнинг ишини давом эттиришига тўсқинлик йўқлигини, меҳнат вазифаларини бажаришида камчиликларга йўл қўймаётганлигини инобатга олмай МКнинг 106-моддаси 4-банди талабларини бузганлиги сабаб бўлди.
Юридик бўлими мудири Э.Умурзақов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: