Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Х Қурултойида Республика кенгашининг яқин истиқболда амалга ошириладиган Ҳаракатлар дастурида устувор йўналишлардан бири этиб “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” шиори асосида қуйи бўғинлар, жумладан касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтариш вазифалари белгиланган. Ушбу дастурий тадбирни амалга ошириш мақсадида Жиззах вилоятида жорий йилнинг 24-25 март кунлари “Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раисларининг малакасини ошириш” бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтди.


Мазкур ўқув-семинарда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Х.Бегматов, Меҳнат инспекцияси бошлиғи – Бош меҳнат инспектори А.Мусулманов, Ташкилий ишлар бўлими мудири Т.Санаев, Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Ш.Бегимқулова, Жиззах вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти мудири В.Норбоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят кенгаши раиси в.в.б А.Ихтиёров, Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилоят бўйича масъул ташкилотчиси А.Турсунов, 12 та туман кенгашлари раислари ва 90 та бошланғич ташкилот раислари иштирок этди.
Ўқув-семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят кенгаши раиси в.в.б А.Ихтиёров очиб берди ва семинар ишига муваффақият тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Х.Бегматов сўзга чиқиб, ўз нутқида меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хавфсизлик талабларига риоя этиш, меҳнат шартномаларини тўғри расмийлаштириш, ҳужжатларни юритиш каби масалаларга тўхталиб ўтди. Семинар давомида Жиззах вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти мудири В.Норбоев ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари А.Ихтиёров, Республика кенгашининг Жиззах вилоят бўйича масъул ташкилотчиси А.Турсунов сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар ижросини таъминлашда касаба уюшмаларининг иштироки ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Ўқув-семинар доирасида бир қатор долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Жумладан, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун ва Меҳнат кодекси мазмуни, касаба уюшмалари фаолиятини устав талаблари асосида ташкил этиш, халқаро меҳнат стандартлари ва гендер тенглик масалалари кенг ёритилди. Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш, жамоатчилик назоратини ташкил этиш, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, ижтимоий шериклик асослари ҳамда жамоа шартномаларини тузиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Жиззах вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида бўлиб, бошланғич касаба уюшмаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, бу ерда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар, спорт билан шуғулланишлари учун ходимларга яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шунингдек барча иштирокчиларга Жиззах вилоят тарихи ва маданияти музейи ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейига саёҳатлар ташкил қилинди. Семинар қатнашчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ва ўзаро фикр алмашдилар. Ўқув якунида барча иштирокчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси томонидан махсус сертификатлар топширилди.





Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилоят Кенгаши
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: