Аёлларимиз, хотин-қизларимиз ҳақида барча макон ва замонларда жуда кўп ва хўп яхши сўзлар айтилган ёзилган. Ижод аҳли-ю, ҳукмдорларга илҳом манбаи бўлиб келганлар. Шоирларимиз ашъорлар битишган, мўйқалам соҳиблари янги асарлар яратишган, фотиҳлар уларга-да атаб иморатлар барпо этишган. Оддий, содда ва самимий сўзлар билан айтганда, улар бизнинг борлигимиз ва борлиғимиздир.
Аёл — энг аввало она, сизни, бизни дунёга келтирган муқаддас зот. Аслида, онамиз сут билан бирга, ўз жонидан узиб-узиб бизга берди, жону жаҳонини бағишлади. Шунданми, бошимизга савдо тушса, биринчи бўлиб онамизни эслаймиз, онам билмасин, юраги кўтаролмайди, деймиз. Жонимиз оғриса, “онажон”, деймиз. Дунёдаги энг ширин нон онам ёпган нон, деймиз. Энг ширин таом онам тайёрлаган таом, деймиз. Ҳар биримизга ўз онамиз азиз, мўътабар, муқаддас.
Жиззах шаҳри, Дўстлик маҳалласида яшовчи Сайёра, Сахоб,Феруза Гулсаралар ногиронлиги туфайли юра олишмайди. Улар бу ёруғ оламда ўзлари учун азиз бўлган инсон оналаридан қувват олишади. Уларнинг тиргаклари онаси! Уларнинг маслакдоши онаси! Уларни ҳаётга қизиқишини ортирадиган онаси! Боиси улар оналари туфайли ҳамма нарсага эришмоқда. Бу оила фарзандалир дунёга келганларида ҳамма чақалоқлар сингари соғлом дунёга келишган. Сайёра Ферузалар тўрт-беш ёшда, Гулсаранинг 7 ёшдан сўнг оёқ мушаклари ривожланмай қолди. Тиббиёт ходимларнинг хулосасига кўра бу ирсий касаллик экан. Сахобжон аранг эшик орага чиқиб туради. Барно опа 25 йил тиббиёт соҳасида меҳнат қилди. Мана 15 йилдирки фарзандларининг ёлғиз боқувчиси. Онани яратмасин экан. Тақдирнинг оғир зарбаларига бардошли бўлган бу аёл мана 12 йилдирки ёлғиз она.
Хонадон соҳибидан оиласидаги етишмовчиликлар ҳақида сўраймиз. Барно опа ийманибгина “Ҳамма нарса етарли, яратганга шукр ногирон бўлсада фарзандларим ёнимда” дея жавоб берди. Бу — чин гап, айни ҳақиқат. Исбот, изоҳ сўрамайдиган ҳақиқат. Қаршимизда аёл йиғлаб турганини кўриб юрагимиз озор чекди, етти қавирғам қақшаб кетди. Бизга етти ёт бегона бўлса-да, унга ачиндик, дардини билгимиз, ёрдам бергимиз келди. Бунинг сабабини тушунтириш осон эмас, ҳар кимнинг ўзи билади, ҳис этади.Ўйлаб-ўйлаб кўрсак, хаёлларга ботиб-ботиб фикрласак, англаймиз.
Тўнғич фарзанди Сайёра бугун ногиронлигига қарамай тикувчилик билан шуғулланади. Бироқ у етиштирган маҳсулотни ҳеч қаерда сотолмайди. Чунки унинг маҳсулотини оладиган одам йўқ.
—Дастурхон,салфеткалар, простиналар тикаман,—дейди Сайёра.—Онам бозорга олиб бориб ўтганига сотиб келади. Ҳозирда бозорда оладиганлар ҳам камайиб кетди. Тиккан нарсаларим қолиб кетаяпди. Бўш вақтимда китоб ўқийман. Набижон Ҳошимовнинг “Зиндонбанд қизнинг ноласи номли китобини ўқидим. Онам ҳаракатдан тинмаслигимиз айтадилар. Иложи борича онамга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Суҳбатимиз асносида давлатимиз томонидан берилаётган ногиронлик нафақаси уларнинг дори дармонига ҳам етмайди. Лекин буни Барно опа айтгиси келмади. Очиғи истиҳола қилди. Келинг дўппини бир оз ёнбошга қўйиб мулоҳоза юритайлик. Ишчи гуруҳлар аъзолари уйма уй юриб ўрганган биргина муаммони сизларга мисол келтирдик. Бу каби муаммолар талайгина экан. Айтишга вақти бўлмаган ёки кимга айтишини билмай ўтирган аёл “Нима муаммонг бор?” деб сўрагандан кейин дардини айтади-да.
Илгари ҳам аёлларнинг муаммолари ўрганилган. Аммо ҳеч ким ҳар бир аёлнинг аниқ муаммосини ҳал этиш учун масъул бўлмаган. Бугун эса ишнинг тартиби ўзгарди. Энди ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилмоқда. Оиладаги муаммонинг асосий юки уй бекаси зиммасига тушади. Эр ишсиз, оилада етишмовчилик бўлса биринчи навбатда аёл қийналади. Ота ишда, болаларнинг тарбияси билан она шуғулланади. Боғча бўлмаса, мактабда таълим яхши йўлга қўйилмаган бўлса, яна онага муаммо туғилади. Сув, газ, электр таъминоти яхши бўлмаса энг кўп қийналадиган ҳам аёл. Маиший турмушдаги ҳамма қулайликни ҳам, ноқулайликни ҳам биринчи бўлиб ўз ҳаётида ҳис этадиган зот бу – аёл.
Аёл ишдан, болалардан, уйнинг супир-сидиридан, ошхонадаги куйдир- пиширдан бироз вақт топиб ўзига ҳам қараши керак. Маҳаллада, қишлоқда тикувчи, салон деган хизматлар бўлмаса бу ҳам муаммо. Аёлнинг ишлаши – оиланинг фаровонлигига хизмат қилади. Аёлларбоп иш жойи топиш эса яна бир муаммо. Хуллас, турмушнинг майда ташвишлари кўринган бу ишларнинг ҳаммасини бугун умумлаштириб “ижтимоий муаммолар” деб атаймиз. Ижтимоий соҳани ривожлантириш эса энг катта вазифа.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда ўзини намоён қилишлари учун керакли шароит яратиш, аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этишни таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек оила институтини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлсада ечимини кутаётган муаммолар талайгина.
Давлатимиз раҳбари томонидан тузилган хотин – қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга дахилдор ишчи гуруҳ Пахтакор туманидан сўнг Жиззах шаҳри ҳамда вилоятдаги қолган туманларда ўрганиш ишларини давом эттиршмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан шу вақтгача уй-жой билан таъминлаш ва мавжуд уй-жойини таъмирлаш саломатлигини тиклаш моддий ёрдамга мухтожлиги, иш билан таминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ажратиш, коммунал соҳадаги муаммолар оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг нотинчлиги, таълим ва бошқа йўналишлардаги долзарб масаларни ўрганмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: