Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг2013 йил «26» январдаги
9-24- сонли қарорига
1 – илова
Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисида
Й Ў Р И Қ Н О М А
I. Йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш,
тақсимлаш ва сотиш тартиби
1.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси ҳар йили касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларнинг йўлланмаларини чиқариш режасини тузади.
2. Йўлланмаларничиқариш режасисанаторийлар томонидан тақдим этилганқабул жадваллари асосида, даволаш ихтисослашуви, йил мавсумлари, санаторийлардаги мавжуд ва фойдаланишга топшириладиган биноларнинг қабул қилиш қувватини ҳамда капитал таъмирлашга (қайта қуриш) тўхтатилиш муддатлари режасини ҳисобга олган ҳолда тузилади.
Сотиб олинадиган йўлланмада даволаниш муддати Санатор-курортлар бошқармаси Ҳайъат мажлисининг қарори билан белгиланади ва битта йўлланмадан фақат бир киши фойдаланади.
3. Янгидан фойдаланишга топширилаётган (қайта қурилаётган) санаторийларга йўлланмалар, улар даволанувчиларни қабул қилишга амалда тайёр бўлган вақтдан бошлаб чиқарилади. Қўшимча чиқарилган йўлланмалар ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари (бундан буён матнда «бирлашма” деб юритилади) билан олдиндан келишилган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори билан тақсимланади. Йўлланмада «ижтимоий суғурта бюджети ҳисобидан қўшимча” штампи қўйилади.
Санатор-курортлар бошқармаси томонидан келгуси йил учун йўлланмалар чиқариш режаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ҳар йилнинг 1 октябрига қадар тақдим этилиши лозим.
4. Бирлашмалар туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари ва касаба уюшма қўмиталаридан келгуси йил учун санаторийлар бўйича чоракларга (мавсумий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда) тақсимланган талабномаларни йиғиб, тармоқлар кесимида жамлайди ва бирлашма бўйича жамланган талабномани ҳар йилнинг 15 сентябрига қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига тақдим этадилар.
4.1. Ҳар бир касаба уюшмаси қўмитаси йўлланма олиш учун навбатда турган ходимларни рўйхатга олиш китобини юритади. Навбатда турган ходимларни рўйхатга олиш китоби асосида ҳар йилнинг 1 сентябргача келгуси календарь йил учун йўлланмаларга талабнома тузиб, юқори касаба уюшмаси ташкилотига тақдим этади.
Касаба уюшмаси қўмитаси тузилмаган жойларда иш берувчининг ёзма мурожаати асосида, йўлланма ажратиш бўйича талабномаларини тўғридан тўғри худудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларига тақдим этади.
5. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ижтимоий суғурта бўлими Санатор-курортлар бошқармаси томонидан тақдим этилган йўлланмаларни чиқариш режасига асосланиб, бирлашмаларнинг молиявий имкониятлари ҳамда улар томонидан тақдим этилган талабномаларни эътиборга олган ҳолда йўлланмаларни тақсимлаш режаси лойиҳасини тузиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши Раёсатига тасдиқлаш учун киритади ва уни ҳар йилнинг 1 ноябригача худудий бирлашмалар ва Санатор-курортлар бошқармасига юборади.
Бирлашмаларга йўлланмаларни тақсимлаш режаси вилоят ҳудудида жойлашган касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларнинг қабул қилиш қувватидан имкон борича кўпроқ фойдаланган ҳолда тузилади..
6. Бирлашмалар тармоқларнинг молиявий имкониятларини инобатга олган ҳолда йўлланмаларни тақсимлаш режасини тузиб,раёсат қарори билан тасдиқлайдилар ва ҳар йилнинг15 ноябригача туман, шаҳар касаба уюшма кенгашлари ва касаба уюшма қўмиталарига етказадилар.
7. Туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари тасдиқланган йўлланмаларни тақсимлаш режаси асосида йирик касаба уюшма қўмиталари бўйича (300 ва ундан зиёд ходимлар хизмат қиладиган) йўлланмаларни тақсимлаш режасини тузадилар ва тасдиқлайдилар. Қолган йўлланмалар эса, йўлланмаларни тақсимлаш режасининг алоҳида «Бошқа касаба уюшма қўмиталари» сатрида акс эттирилади.
8.Бирлашмалар касаба уюшма ташкилотлари талабномаларига мувофиқ, бошқа идораларга қарашли санаторийларнинг йўлланмаларини қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда сотиб олишлари мумкин:
-касаба уюшмалари йўлланмаларининг ўртача баҳосидан юқори бўлмаган нархларда;
-касаба уюшмалари санаторийларига тақсимлаш режасига мувофиқ ажратилган йўлланмалар тўлиқ олинган ҳолда;
-Санатор-курортлар бошқармасига аввал олинган йўлланмалар учун қарзлар тўлиқ қайтарилган ҳолда;
-бюджетнинг «санаторий-курортларда даволаниш» моддасида кўзда тутилган маблағлар ортиб қолган тақдирда.
Имкон борича кўпроқ ходимларни даволаш мақсадида ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан қиммат нархдаги, шунингдек люкс-палаталарга йўлланмалар сотиб олиш ман этилади.
9. Талаб бўлмаган ҳолда бошқа идоралар тасарруфидаги санаторийларга йўлланмалар ажратилишга рухсат берилмайди.
10. Йўлланмаларни йил мавсумлари бўйича тақсимлашда таълим, фан ва маданият, агросаноат мажмуи тармоқлари ҳамда бошқа тармоқларга қарашли иш фаолияти мавсумий тусга эга бўлган ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш лозим.
11. Санатор-курортлар бошқармаси касаба уюшма ташкилотларига йўлланмаларни тасдиқланган тақсимлаш режасига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган нархларда сотади.
Касаба уюшма ташкилотларига йўлланмалар тижорат устама нархларсиз сотилади.
Санатор-курортлар бошқармаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишган ҳолда кузги-қишги давр учун санаторий йўлланмалари нархларини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Санатор-курортлар бошқармаси ҳар йили 1 декабрга қадар бирлашмалар билан келгуси йил йўлланмаларини сотиш бўйича шартномалар тузади.
12. Бирлашмалар сотиб олинган йўлланмалар учун пул маблағларини шартномаларда кўзда тутилган муддатларда ўтказадилар.
13. Санатор-курортлар бошқармаси бирлашмаларга йўлланмаларни қуйидаги муддатларда беради:
-I чорак учун 1 декабргача;
-II чорак учун 1 мартгача;
-III чорак учун 1 июнгача;
-IV чорак учун 1 сентябргача.
Тасдиқланган йўлланмалар тақсимлаш режасининг бажарилиши бўйича масъулият бирлашма раислари зиммасига юклатилади.
Объектив сабабларга кўра ҳамда тақсимлаш режасига мувофиқ бирлашмалар томонидан йўлланмаларни тўлиқ сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ижтимоий суғурта бўлими Санатор-курортлар бошқармаси билан биргаликда режага ўзгартириш киритишга ҳақли.
Санатор-курортлар бошқармаси касаба уюшма ташкилотларига ижтимоий суғурта мабағлари ҳисобидан сотиб олинаётган йўлланмаларни беришдан аввал уларга: «Ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан ҳақи тўланган. Қайта сотиш мумкин эмас» деган штамп қўяди.
14. Бирлашмалар туман ва шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари ҳамда касаба уюшма қўмиталарига йўлланмаларни улар амал қилиш муддатидан 30 кун аввал беради.
Бирлашма кенгаши раёсатида тасдиқланган режа бўйича туман (шаҳар) кенгашлари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ўз вақтида олинмаган ва улар томонидан бирлашмага қайтарилган йўлланмалар, талабнома асосида бошқа тармоқ касаба уюшмаси қўмиталарига берилади.
15. Йўлланмалар берилишида счет-фактура 2 нусхада ёзилади. Уларда сиҳатгоҳнинг номи, йўлланмалар рақами, йўлланмаларнинг сони ва муддати, ҳар бир йўлланманинг нархи ва барча йўлланмаларнинг умумий қиймати кўрсатилади.
16. Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан талаб қилиб олинмаган йўлланмалар Санатор-курортлар бошқармаси томонидан бошқа юридик ва жисмоний шахсларгакелишилган нархларда сотилади.
II. Йўлланмаларни бериш тартиби
17. Ходимга даволаниш учун йўлланма унинг иш жойидаги касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ўрнатилган навбат бўйича берилади.
Касаба уюшмаси қўмитаси тузилмаган жойларда иш берувчининг ишончномасига асосан бирлашма томонидан йўлланма ажратилади.
Ходимлардан тушган барча аризалар йўлланма олиш учун навбатда турган ходимларни рўйхатга олиш китобига киритилади ва уларга йўлланма олиш учун навбат белгиланади(1-илова).
18. Ходим ижтимоий суғурта ёки касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба йўлланма берилади.
19. Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган йўлланмалар:
-10 фоизгача – бепул;
-90 фоизгача – қиймати қисман ундирилган ҳолда берилади.
Йўлланмалар қийматининг ундириладиган миқдори Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланади.
20. Йўлланмаларнинг қисман ёки тўлиқ қийматини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-банк муассасалари орқали «Эълон” бўйича нақд пул ёки пластик карточка орқали бирлашманинг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига ўтказилади;
-касаба уюшма қўмитаси ёки туман, шаҳар тармоқ касаба уюшма кенгашлари кассасига нақд пулда тўланади;
-корхона бухгалтерияси томонидан ходимнинг аризасига кўра иш ҳақидан ушлаб қолинади.
Олинган йўлланма учун ходим томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки туман, шаҳар тармоқ касаба уюшма кенгашларикассасига тўланган нақд пул тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг, кассага кирим қилинади ва қонунчиликда белгиланган тартибда банк муассасаларига топширилиб, бирлашманинг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига ўтказилади.
Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан йўлланмаларга маблағ тўлаш учун ёзиладиган банк ҳужжатларида тўлов мақсадлари тўлиқ ва аниқ кўрсатилиши (йўлланма олувчининг Ф.И.Ш, йўлланма рақами, санаторий номи) шарт.
Йўлланманинг қисман қиймати ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган ҳолда, корхона бош бухгалтери ушлаб қолинган маблағни бирлашманинг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши учун жавобгардир.
Йўлланманинг қисман қиймати ўз вақтида ва тўлиқ тушиши учун бирлашмалар, туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари раислари, бош бухгалтерлари ҳамда касаба уюшма қўмиталари раислари жавобгардир.
21. Йўлланманинг қисман ёки тўлиқ қиймати тўланганлиги тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция) тақдим этилмагунча йўлланма берилмайди.
22. Миокард инфарктининг ўткир хуружидан сўнг беморлар санаторийда даволанишни давом эттиришлари учун ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалар соғлиқни сақлаш органлари тавсиясини эътиборга олган ҳолда умумий асосларда берилади.
23. Санаторийда даволаниш учун бепул йўлланмалар биринчи навбатда ишловчи:
байналмилалчи жангчиларга;
ядро полигонларида ва ядро-радиацияси мавжуд объектларда ҳарбий ҳизматини ўтаган шахсларга (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 майдаги 188-сонли қарорига асосан);
ўз ҳарбий бурчини бажариш пайтида соғлиғига шикаст етганларга;
Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганларга;
Ўзбекистон Республикаси олдида хизмат кўрсатганларга;
меҳнат фахрийлари ва ногиронларига;
кўп болали (тўрт ва ундан ортиқ бола), кам таъминланган оилаларнинг меҳнат қиладиган аъзоларига берилади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган тоифадаги ходимлардан талабномалар бўлмаган ҳолларда, бепул йўлланмалар мазкур йўриқноманинг 19-бандига амал қилган ҳолда бошқа ишловчи касаба уюшма аъзоларига берилади.
24. Касаба уюшма ташкилотлари мавсумий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда бепул йўлланмаларни бериш меъёрларини тартибга солиши мумкин.
25. Санаторийда даволаниш учун йўлланмалар касаба уюшма қўмитасининг, у тузилмаган жойларда эса корхона маъмурияти томонидан тузилган ижтимоий суғурта бўйича комиссиянинг қарори асосида берилади.
Касаба уюшма ташкилотлари йўлланмаларни ажратишда ва уларни тўлови бўйича имтиёзлар беришда ижтимоий адолат тамоилларига амал қилишлари, аниқ йўналишга эга бўлишлари ҳамда йўлланмаларни меҳнат жамоасининг ижтимоий тузилмасига мос равишда тақсимлашлари лозим.
Бу масалалар ҳамжиҳатликда кўриб чиқилиши, қабул қилинган қарорлар ошкора эълон қилиниши зарур.
Касаба уюшма қўмиталари ажратилган йўлланмалар тўғрисида ходимлар олдида ҳисобот беришлари лозим.
Йўлланмаларни касаба уюшма қўмитаси раиси ёки бошқа аъзоларининг кўрсатмаси бўйича бериш таъқиқланади.
26. МДҲ ва хорижий мамлакатларнинг санаторийлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий-санитария бирлашмаси (Кисловодск ва Ялта шаҳарларида жойлашган «Ўзбекистон” дам олиш-соғломлаштириш санаторийларидан ташқари) санаторийлари йўлланмаларининг ҳақи ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан тўланмайди.
27. Ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалардан узрли сабабга кўра фойдаланишнинг иложи бўлмай қолган ҳолларда, туман, шаҳар тармоқ касаба уюшма кенгашлари ва касаба уюшма қўмиталари уларни амал қилиш муддати бошланишидан камида 15 кун олдин бирлашмаларга қайтариши зарур. Йўлланмани қайтаришдаги счет-фактурага қайтариш сабаблари кўрсатилган тушунтириш хати илова қилиниши лозим.
Бирлашма томонидан қабул қилинган йўлланма учун туман, шаҳартармоқ касаба уюшма кенгашларива касаба уюшма қўмиталарига ишонч қоғози берилади.
28. Бирлашмалар қайтарилган йўлланмалардан бошқа касаба уюшма ташкилотлари фойдаланиши чораларини кўради.
Йўлланмалар талаб қилинмай қолса, бирлашма йўлланмаларни амал қилиш муддати бошланишидан камида 10 кун олдин Санаторий-курортлар бошқармасига қайтариши зарур.
Бу ҳолда йўлланмаларнинг тўлиқ қиймати бирлашмаларга қайтарилади.
29. Касаба уюшма ташкилотлари ходимни, аввал олган йўлланмадан узрли сабабсиз фойдаланмаганлиги ёки уни бошқа шахсга берганлиги учун, маълум муддатга йўлланма олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишлари мумкин.
30. Ходимларга даволаниш учун йўлланмалар, уларнинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 20 кун аввал берилади.
31. Ходим йўлланма олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
-ариза;
-тиббий маълумотнома;
-паспорт нусхаси;
-меҳнат дафтарчаси нусхаси;
-меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
-йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция);
32. Ходимга берилган йўлланма, олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми (паспорт асосида), иш жойи, лавозими, йўлланма берган касаба уюшма ташкилотининг номи кўрсатилган ҳолда тўлдирилиши ҳамда касаба уюшма ташкилоти раиси томонидан (раиснинг фамилияси кўрсатилган ҳолда) имзоланиши ва муҳри билан тасдиқланиши шарт.
Йўлланмага тузатишлар йўлланма бераётган охирги касаба уюшма ташкилоти томонидан киритилади ва тасдиқланади. Киритилган ўзгартириш ва тузатишлар тўғрисида бирлашмага ёзма ахборот берилади.
Касаба уюшма ташкилоти муҳри бемалол ўқиладиган даражада тиниқ бўлиши керак.
Тўлдирилмаган йўлланмаларни бериш қатъиян тақиқланади.
Йўлланма фақат касаба уюшма ташкилотидан олган шахс учунгина ҳақиқий ҳисобланади.
33. Санаторийлар томонидан тўлдирилмаган, муҳри ноаниқ қўйилган йўлланмалар билан келган шахсларни қабул қилиниши, йўлланмага тузатиш киритилиши қатъиян таъқиқланади.
Ушбу тартиббузарликларга йўл қўйилмаслиги учун санаторий раҳбари шахсан жавобгардир.
Йўлланма нотўғри расмийлаштирилгани, йўлланма бўйича бошқа шахс келгани аниқланган ҳолда, санаторий масъул ходимлари йўлланма нусхасини олиб, ёзма равишда Федерация Кенгашининг касаба уюшмалари ташкилотларининг йўлланмалардан мақсадли фойдаланишини ўрганиш комиссиясига чора кўриш учун хабар беради.
34. Ходим йўлланма олгандан кейин санаторийга тақдим этиш учун санаторий-курорт картасини (0.7.2./У-шакл) расмийлаштиради. Даволаш усули мос келмаслигини кўрсатувчи белгилар аниқланган ҳолда, у санаторийга қабул қилинмайди.
35. Шифокор ҳулосасига кўра санаторийда даволаниши жуда зарур бўлган ходимга, касаба уюшма ташкилотида йўлланма бор бўлган тақдирда, санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисоботда (14-шакл, 2-илова) акс эттирилган ва ходимга берилган санаторий йўлланмалари рўйхатига (3-илова) киритилган ҳолда, санаторий йўлланмаси тўлиқ қийматига берилиши мумкин.
III. Йўлланмалар бўйича ҳисоб-китоб ва ҳисоботлар юритилиши
36. Йўлланмаларни ҳисобга олиш бирлашмалар, туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари ва касаба уюшма қўмиталарида «Йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби»да (13-шакл, 4-илова) юритилади.
Йўлланмалар олинган тартибда счет-фактурага мувофиқ кирим қилинади. Ҳар бир йўлланма китобда алоҳида сатрда қайд қилинади.
Йўлланмани ходимга бериш вақтида, йўлланмаларни ҳисобга олиш китобининг тегишли қатори бўйича йўлланма берилган сана, асос (касаба уюшма қўмитаси қарори), кимга берилгани (ходимнинг фамилияси, исми, шарифи паспорт бўйича), иш жойи, лавозими, пул тўланган сана, тўлов қоғози рақами ва йўлланма учун тўланган сумма акс эттирилиши, шунингдек ходимнинг йўлланма олгани тўғрисида имзоси бўлиши лозим.
37. Йўлланма берилишига асос бўлган қуйидаги ҳужжатлар алоҳида папкага тикилиши ва йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби билан бирга молиявий хужжатлар каби сақланиши зарур:
-олинган йўлланмалар учун счет-фактура;
-ходимнинг аризаси;
-тиббий маълумотнома;
-туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотининг қарори;
-меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
-паспорт нусхаси;
-меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
-йўлланма қиймати қисман тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози;
-йўлланманинг қайтарилувчи талони.
38. Касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашлари, касаба уюшма қўмиталари юқори касаба уюшма ташкилотига санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисоботни (14-шаклда) йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 8-куни (8 апрель, 8 июнь, 8 октябрь, 8 январь) дан кечиктирмай тақдим этишлари зарур.
Ҳисобот йўлланмаларни ҳисобга олиш китобидаги маълумотларга асосланган ҳолда тузилади, бунда йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби маълумотлари ва санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисобот орасида фарқ бўлиши мумкин эмас.
Ҳисоботга илова қилинадиган санаторийларга берилган йўлланмалар рўйхати кенгаш (касаба уюшмаси қўмитаси) раиси ҳамда ҳисобчиси томонидан имзоланган, муҳрланган ҳолда қоғоз ва электрон шаклларда топширилади.
39. Бирлашмалар йўлланмалар киримини 4-журнал ордерида юритадилар. Унда касаба уюшма органлари томонидан йўлланмалар олинишига қараб счет-фактуралар қайд қилиб борилади.
Бирлашма кенгашига қайтарилган, фойдаланилмаган йўлланмалар ҳам журнал ордерга умумий тартибда киритилади.
Журнал ордерига ҳужжатнинг тартиб рақами, счет-фактура санаси ва рақами, йўлланмалар кимдан олингани, уларнинг сони ва қиймати ёзилиши, шу ернинг ўзида корреспондент ҳисоб варақларининг шифрлари кўрсатилиши лозим.
Журнал ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб борилади ва чорак якунланганидан сўнг олинган йўлланмаларнинг умумий қиймати корреспондент ҳисоб варақларининг кредити бўйича ажратилиб, ҳисоблаб чиқилади ва бош китобда қайд этиш учун бухгалтерия ўтказмаси тузилади.
Олинган йўлланмаларнинг счет-фактуралари тикилиб, журнал-ордер билан биргаликда алоҳида папкада сақланади.
40. Касаба уюшма ташкилотларига ҳисобдорлик асосида берилган йўлланмаларнинг чиқими 5-журнал ордерда юритилади, шунинг ўзида фойдаланилмаган йўлланмалар, улар олинган бирлашма кенгаши ёки ташкилотга қайтарилиши ҳисоби ҳам олиб борилади.
Журнал ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб борилади ва чорак якунланганидан сўнг олинган йўлланмаларнинг умумий қиймати корреспондент ҳисоб варақларининг дебети бўйича ажратилиб, ҳисоблаб чиқилади ва «Бош китоб”да қайд этиш учун бухгалтерия ўтказмаси тузилади.
41. Йўлланмаларни ҳисобдан чиқариш, қабул қилинган санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисоботларнинг (14-шакл) маълумотлари ҳамда уларни 6-журнал ордерда қайд қилиниши асосида амалга оширилади.
6-журнал ордерда ҳисобот топширган ташкилот номи, сумма (берилган йўлланмалар қиймати), харажатлар тегишли бўлган корреспондент ҳисоб варақлари кўрсатилади.
Журналда ишчиларга ва ишлаб чикариш усталарига, талабаларга, аёлларга, шунингдек бепул, қисман ва тўлиқ қийматига берилган йўлланмалар сони, алоҳида-алоҳида устунларда қайд этилади.
Йўлланма олган ҳар бир касаба уюшма ташкилоти учун санаторий йўлланмаларининг қисман тўлови тушумини назорат қилиш варақаси очилади (5-илова).
42. Бирлашмалар йўлланмаларни тасдиқланган режага мувофиқ:
-туман, шаҳар тармоқ касаба уюшмалари кенгашларига, касаба уюшма қўмиталарига уларнинг ишончномалари асосида счет-фактуралар ёзиш йўли билан берилади;
-кам сонли касаба уюшма ташкилотларида йўлланмалар бирлашмадан бевосита даволанишга юборилаётган ходимнинг ўзига йўлланма берилиши учун тақдим этилган ҳужжатлар ва бошлашғич касаба уюшма қўмитаси қарори асосида йўлланмаларни ҳисобга олиш китобига (13-шакл) киритган ҳолда берилади ҳамда барча ҳужжатлар бирлашмада сақланади.
Туман, шаҳар тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари томонидан йўлланмалар кирим-чиқими йўлланмаларни ҳисобга олиш китобида юритилади, тақдим этилган хужжатлар ва касаба уюшма кенгашининг қарорига асосан йўлланмалар бевосита даволанишга юборилаётган ходимнинг ўзига берилади, ходим йўлланмаларни ҳисобга олиш китобида йўлланма олгани тўғрисида имзо чекиши лозим.
Йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби ва тақдим этилган хужжатлар алоҳида папкага тикилиб, касаба уюшма қўмиталари ва туман, шаҳар тармоқ касаба уюшмалари кенгашларида сақланади.
43. Бирлашмаларда ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олиш учун берилган ишончномаларни ҳисобга олиш учун алоҳида журнал юритадилар, улар 10 кун муддат ичида олинган счет-фактуралар бўйича ёпилиши лозим.
Бегона шахсларга Ишончнома бериш қатъиян ман этилади. Бу учун бирлашманинг кредит бошқарувчиси шахсан жавобгардир.
IV. Йўлланмалардан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат ва масъулият
44. Мазкур Йўриқнома қоидаларига амал қилиш учун шахсий жавобгарлик:
-касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари;
-туман, шаҳар тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари раислари;
-корхона, муассаса, ташкилот касаба уюшма қўмиталари раислари;
-Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Санатор-курортлар бошқармаси бошлиғи;
-касаба уюшмалари санаторийлари раҳбарлари зиммасига юклатилади.
45. Санатор-курортлар бошқармаси ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-куни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига йўлланмаларни тақсимлаш режаси бажарилиши ва ҳар бир санаторий бўйича йўлланмаларнинг ҳақиқий таннархи таҳлили тўғрисида маълумотларни тақдим қилади.
46. Санатор-курортлар бошқармаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ҳар йили, йил якунига, санаторийларнинг ҳисоботларига кўра, бирлашмалар бўйича санаторийларга келмаганлар тўғрисида, йўлланмалар рақами акс эттирилган маълумотнома тақдим этади ҳамда ҳар бир йўлланма бўйича ходимлар санаторийларга келмагани, кечикиб келгани ёки санаторийлардан муддатидан олдин кетгани натижасида тўлиқ ёки қисман сарфланмай қолган овқатланиш ва даволаниш ҳақларининг умумий қийматини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига ўтказиб беради.
Бу маблағлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарорига биноан касаба уюшмалари санаторийларидаги шароитларни яхшилаш учун йўналтирилади.
47. Агар ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан йўлланма олган ходим, йўлланмадан фойдаланмаса ва ўз вақтида узрли сабабсиз касаба уюшма ташкилотига қайтариб топширмаса ёки бошқа шахсга бериб юборса, шунингдек ходим мазкур Йўриқноманинг 18-бандида кўрсатилган муддатдан олдин икки ва ундан ортиқ марта йўлланмадан фойдаланганлиги аниқланса, ундан йўлланма қийматининг, қисман тўланганидан қолган қисми ёки йўлланма бепул берилган бўлса, тўлиқ қиймати ундириб олинади.
Йўлланма касаба уюшмалари ходимлари айби билан фойдаланилмай қолган (берилмаган) ёки улар бегона шахсларга берилган ҳолларда юқори касаба уюшма ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ моддий зарарни ундириш чораларини кўради.
Зарурият бўлганда, Федерация Кенгашининг касаба уюшмалари ташкилотларининг йўлланмалардан мақсадли фойдаланишини ўрганиш комиссияси, касаба уюшма ташкилотлари ва санаторийларда йўлланмалардан фойдаланиш бўйича текширув вақтида аниқланган йўлланмалар нотўғри расмийлаштирилиши, бошқа шахсга берилиши ёки улардан нотўғри фойдаланилиши фактларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши ижтимоий суғурта бўлими ёки Федерация Кенгашининг Назорат-тафтиш комиссияси томонидан йўлланмалардан нотўғри фойдаланилганлиги аниқланганда, қайта тикланган маблағ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
48. Санаторийлар даволанишга келган шахснинг фамилияси ва тўлиқ исмини, санаторийда амалда бўлган вақтини кўрсатиб, йўлланманинг қайтарилувчи талонини беришлари шарт.
Йўлланманинг қайтарилувчи талонига санаторий штампи қўйилиши ва санаторий рўйхатчиси фамилиясини тўлиқ кўрсатган ҳолда имзо чекилиши лозим.
49. Санаторийдан қайтган ходим йўлланма берган касаба уюшма ташкилотига санаторий томонидан тўлдирилган йўлланманинг қайтарилувчи талонини топшириши шарт ва бу тўғрида йўлланмаларни ҳисобга олиш китобида тегишли ёзув қайд қилинади.
50. Йўлланманинг қайтарилувчи талони йўлланмадан фойдаланганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
У йўқолган ҳолда йўлланма берган касаба уюшмаси ташкилотининг сўрови бўйича санаторий раҳбари томонидан имзоланган, ходимнинг санаторийда бўлган вақти кўрсатилган маълумотнома тасдиқловчи ҳужжат бўлади.
51. Йўлланмалардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни бирлашмалар, туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари, касаба уюшма қўмиталари шунингдек уларнинг тафтиш комиссиялари амалга оширади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: