Бугунги кунда дунё давлатларида 12 минг турдаги доривор ўсимликларнинг мингдан ортиғи, мамлакатимизда эса 1,2 минг турдаги доривор ўсимликларнинг 112 таси фармацевтика саноатида ишлатилади.
Ўз навбатида, ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган тиб илмига оид билим ва тажрибаларини ўзида мужассам этган ва илмий амалий мерос сифатида эътироф этилган “Халқ табобати”, бебаҳо маънавий бойлик сифатида халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эгадир. Олис ота-боболаримизнинг ақл-заковати, қалб-қўри маҳсули бўлмиш бу ноёб мероснинг замон тало-тўпларидан, қанча-қанча оғир синовлардан ўтиб, сайқалланиб, бизнинг давримизгача етиб келганлигининг ўзида катта маъно мужассам. Ана шундай бой илмий амалий меросни замонавий билимлар билан бойитиб, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаб келаётган табибларимизнинг фаолияти бизни бугун ҳам ҳайратда қолдиришига яна бир карра амин бўламиз. Мисол учун, халқ табобатининг айрим ноёб усуллари бугунги кунда замонавий тиббиёт тизими олдида мураккаб бўлиб туюлаётган касалликларни даволашда самарали натижа бераётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Охирги йилларда тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Булар орасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш, халқ табобатида қўлланиладиган шифобахш гиёҳларни мамлакатимизда етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бироқ бугунда халқ табобати соҳасида амалга оширилаётган чора – тадбирлар ҳали етарли эмас. Бу йўналишда мутахассислар тайёрлаш, халқаро тажрибаларни ўрганиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш зарурати пайдо бўлмоқда
Шу боис Президентимиз томонидан шу йилнинг 10 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юқорида таъкидлаб ўтилган камчиликларга тезроқ ечим топишга қаратилган бўлиб, унга кўра, 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.
Шу йилнинг 1 майидан бошлаб давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази, тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Шунингдек, туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги кўп тармоқли давлат тиббиёт муассасалари ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида халқ табобати хоналари очилади.
Қарорда халқ табобати марказининг ўзбек халқ табобатининг тарихий анъана ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш билан боғлиқ бир қатор асосий вазифалари белгилаб берилган. Умуман, қарорда халқ табобати ривожи билан боғлиқ яна кўплаб муҳим вазифалар уларнинг ижроси бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди, унинг ижроси бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Ўзбек халқ табобатини мамлакатимиз тиббиёт тизимида расман тан олиниши ва табибларимизнинг ҳуқуқий мақомини белгиланиши бизнинг бугунги маънавий қиёфамиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлик мустаҳкам ҳаётий асосга эга эканлиги билан аҳамиятлидир.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Жиззах вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси
Нусратулло Пардаев
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: